Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 6 майдаги «Тўловга қобилиятсизлик соҳасида давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-172-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Тўловга қобилиятсизлик ишлари агентлиги ташкил этилди.
Агентлик тўловга қобилиятсизлик соҳасида махсус ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Унинг вазифалари қаторига ушбу соҳада давлат сиёсатини амалга ошириш, тўловга қобилиятсизлик билан боғлиқ тартиб-таомилларни мувофиқлаштириш, шунингдек Суд бошқарувчилари палатаси томонидан тасдиқланадиган суд бошқарувчиларини тайёрлаш бўйича намунавий ўқув дастурларини келишиш киради.
Агентликнинг ташкил этилиши 2026 йил 6 майдаги ПФ-78-сон Фармонда назарда тутилган комплекс ислоҳотларнинг бир қисми бўлиб, Ассоциация негизида Суд бошқарувчилари палатасини ташкил этиш билан бир қаторда амалга оширилмоқда. Янги бошқарув тизими молиявий соғломлаштириш ва банкротлик тартиб-таомиллари самарадорлигини, шунингдек суд бошқарувчилари касбий фаолияти сифатини оширишга қаратилган.
ПҚ-172-сон қарорнинг тўлиқ матни расмий Lex.uz порталида ва «Ҳужжатлар» бўлимида жойлаштирилган:
https://lex.uz/docs/8180364